Асосий/Сўнгги янгиликлар/Муаммоли кредитлари мавжуд ширкатлар банк хулосаси билан тугатилиши мумкин

Муаммоли кредитлари мавжуд ширкатлар банк хулосаси билан тугатилиши мумкин

Муаммоли кредитлари мавжуд ширкатлар банк хулосаси билан тугатилиши мумкин

Муаммоли кредитлари мавжуд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари банк хулосаси олинганда тугатилиши мумкин. Бу ҳақда 4 август куни қабул қилинган "Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги ПҚ-346 сонли президент қарорида айтилган.

uy-joy.jpg
 
Иллюстратив фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz

Қарорда маълум қилинишича, қисқа муддат ичида бошқарувчи ташкилотларнинг кредит қарздорлиги 2 бараварга қисқарган. Шу билан бирга, республикада фаолият олиб бораётган 772 та уй-жой мулкдорлари ширкатларининг 311 тасида (жами ширкатларнинг 40 фоизида) муаммоли кредитор қарздорлиги мавжуд. Натижада 2500 дан зиёд кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолига тегишли хизматлар кўрсатилмай ёки сифатсиз кўрсатиб келинмоқда.

Президент қарорида республикадаги муаммоли банк кредитлари мавжуд барча уй-жой мулкдорлари ширкатлари тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг хулосаси олинган тақдирда тугатилиши мумкинлиги кўрсатилган.

22 февраль куни тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йил муддатга музлатилиши тўғрисида хабар берган эдик. Ўша куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тақдим қилинган маълумотда ширкатларга 1,3 трлн. сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, улардан 450 млрд. сўми (жами ажратилган кредитнинг 35 фоизи) муаммога айлангани маълум бўлган эди.

Тугатилаётган ширкатларнинг музлатиладиган банк мажбуриятлари ким томонидан қопланиши маълум қилинмаган.

Ҳозирда тугатилаётган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўрнига бошқарув компаниялари ташкил этилмоқда. Амалиётда бошқарув компаниялари учун банклар томонидан 6 ой имтиёзли давр билан йиллик 21-23 фоизлик кредитлар тақдим қилинмоқда. Ушбу кредитларнинг 4-5% и Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилиши инобатга олинса, бошқарув компаниялари учун кредитлар йиллик 16,5-18 фоиз устамага айланмоқда. Ўтган давр мобайнида бошқарув компаниялари учун ажратилган кредитлар миқдори, кредитлар қолдиғи ҳамда уларнинг қанчаси муаммоли кредитга айлангани тўғрисида маълумот очиқланмаган.

 

Теги uy-joy muammoli kreditlar XUJMSh NPL