Асосий/Сўнгги янгиликлар/Тижорат банкларига бизнесни молиялаштириш учун 300 млн. доллар ресурс ажратилади

Тижорат банкларига бизнесни молиялаштириш учун 300 млн. доллар ресурс ажратилади

Тижорат банкларига бизнесни молиялаштириш учун 300 млн. доллар ресурс ажратилади

15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратиш бўйича видеоселектор бўлиб ўтди.

shavkat_mirziyoyev_oziq-ovqat_selektori.jpg

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда хизматлар соҳасида аввал ажратилиб, қайтарилган 360 миллиард сўм ресурслардан бугунги кунга қадар атиги 9 миллиард сўми (ёки 3 фоизи) янги лойиҳаларига йўналтирилгани таъкидланди.

Хизматларни ривожлантириш учун банкларга жойлаштирилган ресурслар бўйича аввалги фоиз (10 фоиз) ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш топширилди.

Тадбиркорлик жамғармасининг тадбиркорларга компенсация тўловларини кенгайтириш учун жамғармага 400 миллиард сўм, кейинчалик яна 500 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, хизматлар соҳаси учун Ўзмиллийбанк томонидан жалб қилинган 200 миллион доллар ҳисобидан тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бунда, кредит ставкаси Тадбиркорлик жамғармаси компенсацияси билан 18 фоиздан ошмайди.  

1 декабрга қадар юқорида қайд этилган маблағлар тўлиқ тадбиркорларга берилиши шартлиги белгиланди.

Шу билан бирга, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларига 300 миллион доллар ресурс берилади.

oziq-ovqat_selektori_bank_raislari.jpg

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу маблағлар энг яхши шартларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш таклифи билан чиққан давлат ва хусусий банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валюта – сўмда жойлаштирилади. Кейинчалик ушбу кредитлар тадбиркорларнинг тажрибаси, уларнинг олдинги натижаларига қараб 5 миллиард сўмгача, кредит ставкасини 14 фоиздан оширмаган ҳолда берилади.

Бундан ташқари, нобанк молия ташкилотлари бўйича янги қонун кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш бўйича катта имкониятлар эшигини очиши алоҳида таъкидланди.

"Йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Бугунги селектор доирасида тадбиркорлик учун жуда катта кредит маблағлар – қўшимча 500 миллион доллар ажратилмоқда. Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашимиз шарт. Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм бюджетданми, банкданми - бу ҳаммаси халқнинг пули. Маблағлар фақат ва фақат ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтирилиши керак. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, иқтисодий ва инвестиция комплекслари таркибига кирувчи идоралар, айниқса солиқ, банк, инфратузилмага жавоб берадиган идора раҳбарларини қатъий огоҳлантирмоқчиман. Ушбу раҳбарлар тадбиркорнинг ҳар бир лойиҳасини амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар бўлади. Бюрократия ва коррупцияга йўл қўйганлар кечирилмайди, айбдорлар сўзсиз жавобгарликка тортилади”, - деди Президент йиғилиш якунида.

Теги NBU xizmatlar selektor