logo-1
Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Марказий банк иқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийларини ишлаб чиқди

Марказий банк иқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийларини ишлаб чиқди

Марказий банк иқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийларини ишлаб чиқди

Markaziy bank 3-2

Марказий банк “Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг дастлабки концептуал лойиҳасини тақдим этди.

Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтириш мақсадларидан келиб чиқилган.

2020 йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва 2021 йил бошидан энергия ресурслари нархларида кузатилган сезиларли ўсиш аксарият давлатларда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичидан юқори шаклланишига сабаб бўлди.

Регулятор ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолаётганини таъкидлади. Шу боис ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ташқи ва ички омилларнинг таъсири кўлами ва давомийлигини инобатга олиб асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқди.

Пандемия билан боғлиқ вазият сценарийлар шартларини белгилашда муҳим омил сифатида инобатга олинган.

Марказий банк бу йилги ҳисоб-китобларда иқлим ўзгаришлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи, молиявий барқарорлик кўрсаткичлари, амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотлар ва уларнинг кутилаётган натижалари шартли омиллар сифатида олди.

Асосий сценарийга кўра, иқтисодий фаоллик юқори суръатларда жадаллашиб бориб, инвестицион ва истеъмол талаби пандемиягача бўлган даражага тўлиқ тикланади. Ушбу сценарийдаги ҳисоб-китобларга мувофиқ, 2022 йилда ЯИМ ҳажми ўзининг потенциал даражасига кўтарилиб, реал иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5-6,5 фоизни ташкил этади ва 2023-2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. 

Асосий сценарий доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг муҳим драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.

Келгуси йилларда мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифаси 2022 йилдан босқичма-босқич фискал консолидация бошланишини тақозо қилади ва фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023-2024 йилларда 2,0-3,0 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Юқорида келтирилган омиллар ва тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш даражасидан келиб чиқиб инфляция суръатларининг 2022 йилда 8-9 фоизга ташкил этиши, 2023-2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари сифатида жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитларнинг ноқулай шаклланиши ва иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.

Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2022 йилда 3-4 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Вазиятнинг нормал фазага ўтиши билан 2023 йилдан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилиб, 2023 йилда 4,8-5,8 фоизни ва 2024 йилда 5,5-6,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Бунда, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилда ҳам фискал рағбатлантиришлар давом эттирилади ва умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 4-5 фоиз атрофида бўлишини тақозо этиши мумкин. Фискал консолидация 2023 йилдан бошланиб, фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023 йилда 3-4 фоизгача, 2024 йилда эса 2,0-2,5 фоизгача пасайиши баҳоланмоқда.

Макроиқтисодий ривожланиш шартлари муқобил сценарий бўйича шаклланган ҳолатда тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши келгуси даврларга кечиктирилади. Натижада, ушбу сценарий шартлари рўй берган шароитда умумий инфляция даражаси 2022 йилда 7,5-8,5 фоизни ташкил этиши ва 2023 йилда эса 5,6-6,6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

 

Теги Markaziy bank
logo-1
        Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй