logo-1
Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
Асосий/Сўнгги янгиликлар/Марказий банк асосий ставкани нима учун ўзгаришсиз қолдиргани борасида изоҳ берди

Марказий банк асосий ставкани нима учун ўзгаришсиз қолдиргани борасида изоҳ берди

Марказий банк асосий ставкани нима учун ўзгаришсиз қолдиргани борасида изоҳ берди

Иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиб бориши ва нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Бу қарорга келишда бир нечта йўналишдаги омиллар ҳам таъсир қилганлиги ҳақида Марказий банк тақдим этган пресс-релизда кўриш мумкин.

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. Йил бошидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этди. Бунда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 4,2 фоизга, қурилиш ишлари – 4,5 фоизга ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар – 5 фоизга ўсди. Ушбу даврда аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошди.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иқтисодий фаолликнинг пандемияга қадар бўлган даврдаги даражасигача тикланиши узоқроқ муддатни талаб этмоқда. Ички ва ташқи туризм, транспорт хизматлари, автомобиль ишлаб чиқариш (ўтган йил 9 ойга нисбатан 32,4 фоизга пасайган) ва умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ.

Келажакда ушбу соҳаларда ҳам иқтисодий жараёнларнинг тўлиқ тикланиши юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини қўллаб-қувватловчи омил бўлади.

Йил давомида давлат томонидан амалга оширилган молиявий рағбатлантиришлар, хусусий секторда иқтисодий жараёнларнинг тикланганлиги, асосий савдо ҳамкорлардаги макроиқтисодий вазиятнинг мувозанатлашуви фонида ташқи иқтисодий алоқалар ҳажмининг ошиши иқтисодиётда истеъмол талаби тикланишининг асосий омилларидан бўлди. Истеъмол талаби ҳолатини кўрсатувчи чакана савдо айланмаси 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида реал ҳисобда 9,8 фоизга ўсди.

Ўз ўрнида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 10,9 фоизга ўсган бўлса, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 фоизга ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоизга кўпайди.

Тижорат банклари томонидан 2021 йилнинг 9 ойида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга ўсиб, 119,5 трлн. сўмга етди. Бунда, ушбу даврда аҳолига ажратилган автокредитлар миқдори 1,6 баробарга, микроқарзлар – 1,7 баробарга ва микрокредитлар – 2,3 баробарга ўсди.

Бу, ўз навбатида, истеъмол ва инвестицион талабни қўллаб-қувватлашнинг муҳим каналларидан бўлиб хизмат қилди. Жорий йил якунлари бўйича кредит қўйилмалари ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб равишда 16-18 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.

Ташқи иқтисодий шароитлар. Жорий йилнинг ўтган даврида глобал иқтисодий шароитларда асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархининг сезиларли қимматлашиши фонида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши кузатилди.

Шунингдек, жаҳонда ялпи талабнинг тезкор суръатларда тикланиши халқаро энергия бозорида ҳам нархларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келмоқда.

2021 йилнинг 9 ойида экспорт ҳажми (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ўсди. Иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши ва асосий иқтисодий тармоқларда ишлаб чиқариш жараёнларининг тикланиши шароитида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида импорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 фоизга ўсди ва пандемиядан олдинги даражасига етди.

Шунингдек, мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилнинг 9 ойида 5,7 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд. доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд. доллар) нисбатан эса 29 фоизга ўсди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатлар (Туркияни ҳисобга олмаганда) миллий валюталари алмашув курсларида ҳам йил бошидан буён кескин ўзгаришлар кузатилмаганлиги, реал самарали алмашув курси бўйича тафовутни юзага келтирмади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг сентябрь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция 10,8 фоизни ташкил этиб, базавий сценарий доирасидаги прогноз кўрсаткичларидан бироз юқори шаклланмоқда.

Жорий йилда умумий инфляция динамикасини белгилайдиган асосий драйвер озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгариши бўлиб, йиллик инфляция даражасига 6,1 фоиз бандлик оширувчи ҳисса қўшди.

Таркибий жиҳатдан барқарор компонентлардан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларининг сентябрь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 7,7 ва 8,8 фоизни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.

Монетар омилларга таъсирчан бўлган базавий инфляция жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб умумий инфляциядан паст даражада шаклланиб, сентябрда йиллик 9,2 фоизни ташкил қилди ва йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 3 фоиз бандга пасайди.

Сентябрь ойида аҳолининг келгуси ўн икки ойлик инфляцион кутилмалари 15,8 фоизгача ва тадбиркорлик субъектларники эса –14,7 фоизгача пасайди. Лекин шу билан бирга, кўплаб давлатлар қатори бизда ҳам умумий инфляцияга нисбатан юқори даражаларда сақланиб қолмоқда.

Бу албатта, биринчи навбатда, озиқ-овқат нархлари ва ёқилғи маҳсулотлари нархлари ўсишининг юқори суръатлари кузатилаётганлиги билан изоҳланади. Сентябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ҳисобда 14,4 фоизга ўсган бўлса, ёқилғи маҳсулотлари 23,2 фоизга ўсди. Ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг пасайиш тенденциясига салбий таъсир кўрсатган асосий омиллардан ҳисобланади.

Пул-кредит шароитлари. Пул-кредит сиёсати операциялари бўйича амалга оширилган қатор ўзгаришлар ва тегишли операцион чоралар ҳисобига пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалари май-июль ойларидаги сезиларли пасайишдан сўнг, август ойида 13,0 фоизга ва сентябрда 13,3 фоизга етиб, Марказий банк фоиз коридори доирасида асосий ставкага яқинлашди.

Шунингдек, фоиз коридорининг кенгайтирилиши сабабли пул бозорида банклар фаоллигининг ошиши кузатилиб, август ойида жами 8,4 трлн. сўмлик ва сентябрь ойида 7,6 трлн. сўмлик операциялар амалга оширилди (июль ойига нисбатан мос равишда 46,6 ва 31,3 фоизга кўп).

Сентябрь ойи якунлари бўйича депозитларнинг даромадлилиги аҳоли омонатлари бўйича ўртача 20,3 фоизни, юридик шахслар маблағлари бўйича эса 15,3 фоизни ташкил этди ва 6-8 фоизлик реал даромадлилик даражаси шаклланмоқда. Аҳолининг инфляцион кутилмалари асосида ҳисобланган реал фоиз ставкалари ҳам
3-4 фоизлик ижобий даражада сақланиб қолмоқда.

Бу, ўз навбатида, ўтган 9 ой давомида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажмини 29,5 фоизга, шу жумладан, жисмоний шахслар муддатли депозитларининг 51 фоизга ўсишига хизмат қилди.

Юқори иқтисодий фаоллик ва талаб ҳисобига кредитлар бўйича фоиз ставкаларида йил бошига нисбатан бироз ўсиш кузатилди. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари сентябрь ойида 21,4 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича 21,1 фоизга тенг бўлди.

Прогноз ва хатарлар. Умумий инфляциянинг пасайиш динамикасига ўтганлиги, базавий инфляция даражасини прогнозлар доирасида шаклланаётганлиги ва амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари йил сўнгигача инфляциянинг 10 фоизлик прогнозига эришишда қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Иқтисодиётга ажратилган кредитлар ўсишининг ялпи ички маҳсулот номинал ҳажми ўсиш суръатлари доирасида сақланиб қолаётганлиги, келгуси ойларда ички бозордаги нархларга ва миллий валюта алмашув курсига қўшимча босимни юзага келтирмайди.

Ҳукумат томонидан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар ташқи бозорларда нархлар ўсишининг ички бозордаги нархлар даражасига ўтказма таъсирларини минималлаштириш имкониятини беради.

Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб боради.

Эслатиб ўтамиз, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2021 йил 9 декабрь кунига белгиланган. 

Теги asosiy stavka markaziy bank press-reliz
logo-1
        Банк тизими янгиликлари, мақолалар ва таҳлиллар
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй