Асосий/Сўнгги янгиликлар/Марказий банк "20 минг сўмлик" юбилей банкнот бўйича расмий муносабат билдирди

Марказий банк "20 минг сўмлик" юбилей банкнот бўйича расмий муносабат билдирди

Марказий банк "20 минг сўмлик" юбилей банкнот бўйича расмий муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ижтимоий тармоқларда тарқалган банкнот кўринишидаги – “Сўм”нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган намуна Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмайди. Бу ҳақида расмий маълумот Марказий банк томонидан эълон қилинди.

Шунингдек расмий муносабат матнида, жумладан шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгилари фақат Марказий банк томонидан муомалага чиқарилади.

Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки “Давлат белгиси” корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.

(Маълумот учун: дунёдаги барча банкнот чоп этувчи компаниялар томонидан янги ҳимоя элементлари жорий этилганлиги ёки бошқа ишлаб чиқариш янгиликлари билан таништириш мақсадида, бирор юбилей сана ёки компания фаолиятига алоқадор воқеага бағишлаб фақат рақам қўйилган, валюта номи қайд этилмаган банкнотлар чоп этиб борилади ва улар корхона фаолиятини рекламаси учун мўлжалланган бўлади).

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан аҳоли орасида ҳар хил саволлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслик мақсадида асоссиз ахборотларни тарқатмаслик сўралади."

Эслатиб ўтамиз, кеча бир нечта ижтимоий тармоқ саҳифаларида "20 минг сўмлик" юбилей банкноти муомалага чиқарилганлиги ва у 100 АҚШ доллари қийматида қабул қилиниши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Теги rasmiy munosabat Markaziy bank