Асосий/Сўнгги янгиликлар/Беҳзод Ҳошимов: Нима учун фақат банкларга бу ваколат берилгани, шахсан менга тушунарсиз

Беҳзод Ҳошимов: Нима учун фақат банкларга бу ваколат берилгани, шахсан менга тушунарсиз

Беҳзод Ҳошимов: Нима учун фақат банкларга бу ваколат берилгани, шахсан менга тушунарсиз

Иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин Университети докторанти, "Микрокредитбанк" АТБ Кузатув кенгаши мустақил аъзоси Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистонда валюта айирбошлаш амалиётлари ваколати нима учун фақатгина тижорат банкларига берилгани борасида телеграм канали орқали ўз танқидий фикрларини билдирди.

Б.Ҳошимов

Беҳзод Ҳошимов, фото: Hoshimov Iqtisodiyoti

Иқтисодчининг таъкидлашича, валюта айирбошлаш унчалик кўп назоратни талаб этмайдиган фаолият тури бўлиб, банк ишидан анча фарқланади. Банк иши назоратга мухтож специфик жойлари мавжуд, валюта айирбошлашда бундай хусусияти йўқ.

"Нима учун фақат банкларга бу ваколат берилгани, шахсан менга тушунарсиз. Худди шундай, агар масалан, фақат почта шаҳобчаларида валюта айирбошлаш ҳуқуқлари бўлганида ҳам, албатта менга худди шундай таажубли бўлар эди", - дейди Б.Ҳошимов

Шунингдек, Беҳзод Ҳошимов бозордаги бундай вазиятни, одатда “назоравий эгаллаб олиниш” (regulatory capture) дейилишини,  яъни назорат орқали, давлат кучини назорат орқали ишлатган ҳолда бозорда рақобатни чеклаш деб баҳоланишини айтган. "Бундай ҳолатларни, афсуски кўп кузатганмиз. Масалан специфик корхонага, специфик сабабларга кўра, қандайдир фаолият тури билан шуғулланишга имкон берилиб, бошқаларга, назорат сабаблари туфайли, ўша фаолият билан шуғулланишга чеклов қўйилишига айтилади", - дея таъкидлаган иқтисодчи.

Б.Ҳошимов бундан тахминан 4 йилча олдин, kommersant.uz учун мақолада, валюта айирбошлаш учун ҳуқуқни ҳаммага бериш керак деб ёзганини эслаб, "бу нарса ҳам ликвидлик беради, ҳам рақобат кўп бўлгани учун, хизмат сифатини оширади" деган гап ҳали ҳам актуаллигини таъкидлайди.

"Биржадаги ва бозордаги валюта савдогарлари биз учун жуда муҳим ва олийжаноб иш қилишлари мумкин бўлиши керак деб ўйлайман. Яъни, чиндан ҳам, ечим бозор. Бозор иқтисодиётига ўтишни бошласак яхши бўлар эди. Ҳар соҳада.", - деб фикрини якунлаган иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь - шанба куни депутат Расул Кушербаев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида шанба-якшанба кунлари валюта айирбошлаш шахобчалари ишламаслиги боис, АҚШ долларини сўмга айирбошлай олмаётганини айтиб, мазкур амалиётни бажариш учун "қора бозор"га мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида видеомурожаат жойлаганди.

Мазкур вазиятга яна бир иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам фикр билдириб, тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шахобчаларини шанба-якшанба кунлари ва иш вақтидан ташқари пайтда ишлатмаслиги тижорий тарафлама фойда келтирмайдиган иш эканлигини, бу вазият учун бозор ечимларини қўллаш лозимлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютаси билан олди-сотди қилиш ҳуқуқи фақатгина Ўзбекистон Республикаси банкларига берилган. Мазкур норма янги таҳрирдаги "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддасида белгилаб қўйилган.

Мазкур қонун муҳокама қилинган Сенат йиғилишида (2019 йил, октябрь ойида), сенатор Гулчеҳра Рихсиеванинг кўплаб давлатларда валюта олди-сотдисини [банклардан ташқари] хусусий айирбошлаш шохобчалари ҳам амалга ошириши, бизда эса айрим фуқаролар бу фаолият билан шуғулланиб, жавобгар бўлиб қолиши ҳолатлари ҳам кузатилаётганини айтиб, Марказий банк вакилларига савол берганди. "Фуқаролар солиқ тўлаб, тегишли рухсатни олган ҳолда хусусий айирбошлаш шохобчаларида валюта олди-сотдиси билан шуғулланишлари масаласига қандай қарайсиз? Ёки бундай фаолият тури ҳозиргача йўқлигига қандайдир бошқа сабаблар борми?" – деган саволга Марказий банк Бошқаруви раиси ўринбосари Бобур Абубакиров қонун ишлаб чиқилишида бу масала ҳам кўтарилганлиги, мазкур йўналишда хорижий тажриба ҳам ўрганилганлигини айтиб, Россия ва Тожикистонда бу амалиёт ўзини оқламаганлигини таъкидлаган.

Абубакиров

Бобур Абубакиров
Фото: kun.uz

Б.Абубакиров, шунингдек, хусусий секторга валюта айирбошлаш операциялари бўйича ҳуқуқ берилиши улар томонидан мазкур ваколатнинг суиистеъмол қилинишига олиб келиши мумкинлиги, жумладан, қўшни давлатларда шу каби тажрибада қалбаки валюта сотилиши, нореал курслар қўйилиши, асосланмаган ҳолда нореал катта миқдорда комиссия тўловлари ундирилиши кузатилганлиги ва охирига келиб бундан аҳоли азият чекканлигини айтган. "Бундан ташқари, мазкур амалиётнинг тижорат банклари орқали амалга оширилишинг асосий сабабларидан бири – жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўлиб, ҳозирги кунда халқаро тажрибага асосланган ҳолда валюта олди-сотди амалиётлари фақатгина тижорат банклари орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб топилган", - деган Марказий банк Бошқаруви раиси ўринбосари.

Теги Bobur Abubakirov vash valyuta Otabek Bakirov Behzod Hoshimov