Асосий/Сўнгги янгиликлар/Туркистонбанк омонатларга юқори фоиз таклиф қила бошлади

Туркистонбанк омонатларга юқори фоиз таклиф қила бошлади

Туркистонбанк омонатларга юқори фоиз таклиф қила бошлади

Turkistonbank (2)

Туркистонбанк миллий ва хорижий валютада бир мунча юқори ставкада омонатлар таклиф қилишни бошлади. 

Хусусан, 23 феврал куни расмий телеграм каналида VISA 7 номли янги омонат тури тақдим этилгани тўғрисида хабар берилди. Хорижий валютада 12 ой муддатга очиладиган омонат учун йиллик фоиз ставкаси 7 фоизда, 6 ой муддат учун эса йиллик 5 фоиз ставкада таклиф қилинмоқда. Омонат учун камида 1000 АҚШ доллари миқдорида маблағ қўйиш талаб қилинади. Хорижий валюта Туркистонбанк томонидан таклиф этилаётган фоиз ставка ушбу йўналишдаги банк маҳсулотлари бўйича энг юқориси саналади. Аксарият банклар йиллик 5 фоиз атрофида омонат таклиф қилаётганда Туркистонбанк ставкани 2 пунктга кўтарган. Банк бу омонатга 27 мартгача маблағ қўйиш мумкинлигини айтган.

22 феврал куни эса Туркистонбанк ўзининг HUMO-Mastercard кобейж картасидаги 5 млн. сўмдан юқори қолдиқ суммага йиллик 22 фоиз (!) устама тўлашини маълум қилди. Ўзбекистон банкларида карталардаги маблағларга бу даражада юқори ставкада фоиз тўлаш амалиёти ҳозирча мавжуд эмас (айрим банкларда энг кўпи билан 10 фоиз тўланади). 

Банкнинг маблағ жалб қилиш учун жозибадорлиги юқори таклифлар билан чиқиши банк ликвидлиги тақчиллигини олдини олишга қаратилган чораларнинг бир қисми бўлиши мумкин. Bankers.uz ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, банк мутасаддилари билан боғланди. Банк вакилининг изоҳ беришича, банкда жорий ликвидлик борасида жиддий муаммолар йўқ, омонатлар бўйича юқоридаги таклифлар эса, банкнинг актив операцияларини янада ошириш учун жорий қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 феврал куни S&P Global Ratings агентлиги Туркистонбанкнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли кредит рейтингларини "CCC+/C" даражасида қайта тасдиқлаган ва "келгуси 12-18 ой ичида банк ликвидлиги янада тақчиллашса, бу дефолт сценарийси амалга ошишининг аниқ хавфига олиб келиши" тўғрисида маълум қилган эди

Оператив маълумотларга кўра, Туркистонбанк 2021-йилни 2,4 млрд. сўм соф фойда билан якунлаган. 

Шу билан бирга, 2022 йил 1 январ ҳолатига банк кредит портфелининг 69,9 фоизи муаммоли кредитлардан иборат. S&P ҳисоботида ҳам ушбу ҳолат қайд этилиб, 2021 йилнинг I ярим йиллигидаги 80 фоиздан пасайгани учун банк рейтинглари бўйича прогнозларини "Салбий" дан "Барқарор"га ўзгартирган эди.

Теги Turkistonbank omonat