Асосий/Сўнгги янгиликлар/Азия-Инвест банк SWIFT'га муқобил сифатида Телекс ва СПФС тизимларидан фойдаланишни режалаштирмоқда

Азия-Инвест банк SWIFT'га муқобил сифатида Телекс ва СПФС тизимларидан фойдаланишни режалаштирмоқда

Азия-Инвест банк SWIFT'га муқобил сифатида Телекс ва СПФС тизимларидан фойдаланишни режалаштирмоқда

Asia-Invest Bank (2)

Фото: Азия-Инвест Банк

Аввал хабар берганимиздек, Украинадаги вазият ортидан Россиянинг бир қатор етакчи банклари ғарб санкциялари нишонига айланди. Россияни халқаро SWIFT тизимидан узиб қўйиш режалаштирилди. Ҳатто Россия Марказий банки активларининг бир қисмини музлатиш тўғрисида ҳам айтилди.

Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли ташқи савдо ҳамкори ҳамда миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари фаолият кўрсатадиган мамлакат сифатида Россия иқтисодиётида кузатиладиган ўзгаришлар мамлакатимизга ҳам билвосита ўз таъсирини кўрсатади.

Шу сабабдан Bankers.uz Россияда фаолият кўрсатаётган ва 100 фоиз ўзбек капитали асосида ташкил қилинган Азия-Инвест Банк раҳбарияти билан мавжуд вазият ҳамда банкнинг келгуси режалари тўғрисида гаплашди.

"Азия-Инвест Банк" акциядорлик тижорат банки биринчи навбатда ҳозирги кунда бир мунча эскирган Телекс тизимини SWIFT учун муқобил вариант сифатида кўриб чиқмоқда. Банк Бошқарув раиси ўринбосари Фурқат Алиевнинг сўзларига кўра, ҳозирда банк Ўзбекистондаги ҳамкор банкларига Телекс ускуналарини синовдан ўтказиш бўйича расмий хат билан чиққан.

Шунингдек, банк хавфсизликни таъминлаш мақсадида Россия билан ишлайдиган Ўзбекистоннинг давлат идоралари, ваколатхоналарининг банк ҳисобварақларини Азия-Инвест банкка ўтказиш бўйича тавсия берган. 28 февралдан бошлаб хусусий сектор вакилларига ҳам шундай мазмундаги тавсия хати билан чиқмоқда.

Яна бир вариант сифатида Россия Марказий банкининг СПФС (Система передачи финансовых сообщений - Россия банклараро молиявий хабарлар ўтказиш тизими) тизими кўрилмоқда. Россия Марказий банки ҳам инқирозга қарши чора сифатида ушбу тизимлардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Азия-Инвест Банк, шунингдек, муҳожирлар учун Азия-Экспресс тизими орқали пул ўтказмалар тизимини таклиф қилмоқда. Тизим Россияда Россельхозбанк билан ҳамкорликда ишлайди.

Маълумот тариқасида, Телекс тизими телефон тармоғига ўхшаш тизим бўлиб, мижозларни телеграф тармоғи орқали боғлайди. Телекс 1923 йилда Германияда яратилган бўлса-да, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда корхоналар ўртасида электрон хабар юборишнинг асосий усули бўлган. 1980 йилларда факс машиналардан фойдаланиш оммалашуви ортидан бу тизимга бўлган талаб пасайган.

 

Теги SWIFT Teleks Asia Invest Bank