Асосий/Сўнгги янгиликлар/Турли номинациялар ғолиби, янги HR тизими ва янгиланган маркетинг — Асакабанкда йил якунлари

Турли номинациялар ғолиби, янги HR тизими ва янгиланган маркетинг — Асакабанкда йил якунлари

Турли номинациялар ғолиби, янги HR тизими ва янгиланган маркетинг — Асакабанкда йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз "Асакабанк" АЖ тўғрисида бўлади.

Asakabank-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

"Асакабанк" акциядорлик жамияти Ўзбекистондаги давлат улуши устувор бўлган банкларидан бири. Республика бўйлаб молия муассасасининг 22 та филиали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Асакабанк 1995 йил 7 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 424-сонли Қарорига асосан автомобилсозлик соҳасига ихтисослаштирилган банк сифатида ташкил топган.

Банк шиори: Муваффақиятли танлов

Асакабанк Бошқарув раиси (2019 йил феврал ойидан) Сайдуллаев Нодирбек Нарзуллаевич ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

Asakabank-Kuzatuv kengashi

Асакабанк Кузатув кенгаши аъзолари (25.06.2021 ҳолатига)

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Асакабанк активлари миқдори 51,67 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 15,49 трлн. сўми миллий валютада, 36,18 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 6,66 трлн. сўмни ташкил қилади. Асакабанк 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 4,31 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 69,2% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 258,39 млрд. сўмни ташкил қилади.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 340,6 млрд. сўмни ташкил қилган (банклар ичида 5-ўрин) Прогнозларга кўра 2021 йил соф фойда миқдори ўтган йил даражасида бўлиши кутилмоқда.

Банкда муаммоли кредитлар миқдори 1 декабрь ҳолатига 1,80 трлн. сўмни, ёки кредит портфелининг 4,77 фоизини ташкил қилган. Муаммоли кредитларнинг энг катта улуш даражаси июнь ойига тўғри келган (4,92 фоиз).

Банкдаги ўзгаришлар

Асакабанк бу йил турли маҳаллий ва хорижий мукофотларда ғолиб бўлди. Февраль ойида банк Буюк Британиянинг Global Banking & Finance Review" журнали томонидан "Ўзбекистонда чакана банк хизматлари энг жадал ривожланаётган банк" сифатида эътироф этилди

Март ойида эса мижозларга хизмат кўрсатиш ва алоқа марказлари фаолиятини баҳоловчи "Хрустальная Гарнитура" анъанавий 17-мукофотида банк алоқа маркази финалчи сифатида иштирок этди. Бу ойда Асакабанк, шунингдек, "Asiamoney" нашри томонидан 2021 йилдаги "Ўзбекистоннинг энг яхши корпоратив ва инвестиция банки", деб топилди.

27 июль куни Ўзбекистон Марказий банки томонидан Асакабанк Global Money Week-2021 ҳафталиги доирасида  "Молиявий саводхонлик бўйича энг юқори ижро интизомига эга банк" сифатида эътироф этилди

4 bank

Фото: Марказий банк

Август ойида эса "Осиё банк ва молия" ("Asian Banking & Finance") журнали Асакабанкни "Йилнинг энг яхши чакана хизматлар банки", деб топди. 

Асакабанк етакчи халқаро молия институтлари ва банклар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йилнинг охирида банк Германиянинг “Deutsche Bank AG” инвестиция банкининг 90 млн. доллар миқдоридаги кредит линиясини жалб қилди. 24 февралда эса Асакабанк жамоаси синдикатлашган савдо молиялаштиришни жалб қилиш доирасида инвесторлар ва хорижий банклар иштирокида онлайн роуд-шоу ўтказди. Бу битимда Германиянинг Deutsche Bank'и ташкилотчи сифатида қатнашди.

Сентябрь ойида Тошкентда “Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзусидаги форум доирасида Асакабанк иккита битим имзолади. Биринчи битим Россиянинг “Совкомбанк” ОАЖ билан тузилди. Битим Асакабанкка ушбу банк билан ҳосилавий операцияларни амалга ошириш имкониятини беради ва банкнинг валюта рискларини хеджерлаш учун қўшимча восита бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, айни форумда банк АҚШнинг “Oppenheimer & Cо. Inc” компанияси ўртасида 3 йилгача сўм эквивалентида 100,0 млн. АҚШ доллари миқдорида корпоратив облигациялар чиқариш тўғрисида битим имзолади. Бу битимда “Oppenheimer & Cо. Inc” етакчи ташкилотчи ва букраннер вазифасини бажаради. Маблағлар жорий йил охиригача жалб қилинади ва умумий корпоратив мақсадлар учун ишлатилади.

photo_2021-09-30_18-59-55

Фото: Асакабанк

Ноябрь ойида эса банк "StoneX Group Inc" халқаро молия компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ушбу келишувга мувофиқ, ўзбек сўми 142 та халқаро валютадан иборат глобал портфелга киритилди ва эндиликда "StoneХ" мижозлари ўз тўлов платформаси орқали ундан фойдаланишлари мумкин.

Бу йил Асакабанкнинг Тошкент вилояти филиали Тошкент шаҳридан вилоят маркази Нурафшон шаҳрига кўчирилди. Шу сабабли филиал номи Нурафшон филиали қилиб ўзгартирилди. 

Шунингдек, банк бош офиси учун Tashkent City ҳудудида янги бино қурилиши ишлари давом этмоқда. Янги офис биносига 2023 йил тўлиқ кўчиб кириш режалаштирилган.

Асакабанк HR тизимини, хусусан ишга қабуш жараёни ва ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузишни ислоҳ қилган банклардан ҳисобланади. Банкда ходимлар тест жараёнларидан ўтган ҳолда қабул қилинади ва бу орқали ишга қабул қилишда турли коррупциявий ҳолатлар олди олиниши кўзда тутилган.

Ноябрь ойида банк томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган Олий ўқув юртлари талабалари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Тошкентдаги "International" меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда пойтахтдаги банк-молия ва иқтисодиёт йўналишларида таълим беришга ихтисослашган бир нечта университетлар талабалари иштирок этди. Уч босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар учун ҳақ тўланадиган уч ойлик амалиёт ўташ таклиф қилинди. 

Asakabank-tadbir4

Очиқ эшиклар куни тадбиран лавҳа
Фото: Асакабанк

Банкда ходимлар билан ишлашнинг янги тизимига ўтиш "оғриқсиз" ўтмоқда дея олмаймиз. Жорий йил октябрь ойида ижтимоий тармоқлар саҳифаларида Асакабанк тизимида ходимлар иш ҳақлари "яланғоч оклад" тизимига ўтилгани ва шу ортидан ойликлар пасайтирилгани борасида хабарлар тарқаган. Банк ушбу хабарларга муносабат билдириб, мазкур ҳолат Асакабанк тизимида меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимларига ўтиш (KPI, бонус)ни жорий қилиш билан боғлиқ ҳолда, ички ҳужжатлар асосида амалга оширилаётганлиги ва бунда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги айтилган. Бундан ташқари, ходимларга устама ҳақ тўлаш ёки унинг миқдорини ўзгартириш иш берувчининг мажбурияти эмаслиги, аксинча қонуний, қолаверса, меҳнат шартномасида белгиланган ҳуқуқи ҳисобланиши алоҳида таъкидланган.

Асакабанк республикамиз банклари ичида чакана амалиётлар кассаларини тўлақонли универсал фаолият юритишини таъминлаган биринчи банклардан ҳисобланади. Банкнинг республика бўйлаб 58 та шу турдаги чакана амалиётлар кассаларининг ҳар бир чакана касса ойнасида бир вақтнинг ўзида бир нечта хизматларни кўрсатиш имконияти мавжуд. Хусусан, бир ойнадан валюта айирбошлаш, нақд пул билан боғлиқ операциялар, нақдсиз тўловлар, шу жумладан барча турдаги коммунал, бюджет ва кредит тўловларини амалга ошириш имконияти яратиш орқали мижозларга қулайлик яратилган.

Asakabank-kassa

Фото: Асакабанк

Банк 2021 йил бошида Маркетинг ва реклама департаменти раҳбари лавозимига чет эллик мутахассис, Белоруссиялик - Иван Правдинни ишга жалб қилди. Банк ушбу мутахассисни юқори малакали, фаолияти давомида Альфа-Банк (Қозоғистон), Капитал банк (Қозоғистон) каби банкларда маркетинг йўналишида раҳбар лавозимида, шунингдек бошқа соҳаларда юқори лавозимларда ишлаган мутахассис сифатида таништирган.

photo_2021-01-12_14-44-45

Иван Правдин
Фото: Асакабанк матбуот хизмати

 

Асакабанк томонидан йил давомида Mastercard тўлов тизими билан биргаликда турли акциялар ташкиллаштирилди ва уларда бир қатор қимматбаҳо совринлар ўйналди. 

Хусусан, жорий йил июнь ойида "Баҳорни Mastercard билан кутиб олинг" акциясининг супер ютуғи - Hyundai Creta автомобили Андижон вилоятилик Хушбарой Абдуллаевага насиб қилди.

Asakabank- Mastercard aksiyasi

Хушбарой Абдуллаева (ўнгда)
Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

2021 йил 1 декабрь ҳолатига банк муомалага чиқарган пластик карталари сони 1,11 млн. донани (банклар ичида 8-ўрин), ўрнатилган терминаллар сони 15 903 тани (банклар ичида 10-ўрин) ҳамда ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 259 тани (банклар ичида 15-ўрин) ташкил қилади.

Банк сайти - asakabank.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади. Банк сайти ҳам шу йил янгидан ишлаб чиқилди.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 1152. Асакабанкнинг Телеграм, ФейсбукInstagram ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.

Мирзаолим Дилшодов

 

Теги 2021 Asakabank yil yakunlari