Асосий/Сўнгги янгиликлар/Капиталбанк бош офиси ходими 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Капиталбанк бош офиси ходими 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Капиталбанк бош офиси ходими 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди

“Капиталбанк” АТБ бош офиси кичик кредитлаш департаменти директори А.Махамадалиев турмуш ўртоғининг укаси М.Валитов ҳамда унинг яқин танишлари Э.Вафин ва Р.Азизовлар билан тил бириктириб, банкдан жами 400 минг доллар миқдорида кредит расмийлаштирилишига эришиб, маблағларни ноқонуний тарзда ўзлаштирган. Ушбу шахсларга нисбатан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан ҳукм ўқилди.

h0MEPKu5gJDWaAAvNGP2A4psi2h1hQLI

А.Махамадалиев банк тизимида 2004 йилдан буён, “Капиталбанк” АТБ бош офиси ичик кредитлаш департаменти директори лавозимида эса 2020 йилнинг февраль ойидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар ишлаб келган.

Ўз мансаб ваколатига кўра, у кредит олувчилардан келиб тушган кредит ҳужжатларини ўрганган ҳолда банк кредит қўмитасига кредит лойиҳасини олиб кириб тасдиқлаш ва қуйи ҳамда юқори турувчи банк ходимларига ўз таъсирини ўтказиш имкониятига эга бўлган. У бундан фойдаланган ҳолда банк кредит маблағларини ўзлаштиришни режалаштирган. Бу ҳақда турмуш ўртоғининг укаси М.Валитов ҳамда унинг яқин танишлари Э.Вафин ва Р.Азизовлар билан олдиндан жиноий тил бириктиргани айтилди.

Жумладан, А.Махамадалиев қайнукаси М.Валитовни 2020 йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани Давлат хизматлари марказидан “Valitov Muhammad Baxtiyarovich” номи билан якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтказган. Ушбу тадбиркорлик гувоҳномаси ва келишувга асосан, М.Валитов ва Э.Вафинлар ўртасида гўёки икки дона 2020 йилда ишлаб чиқарилган “Hyundai R210W-9S” эксковатор махсус техникаси олди-сотдисини амалга ошириш тўғрисида умумий қиймати 2 млрд. 960 млн. сўмлик шартнома тузиб, имзолашган.

Ушбу кредит ҳужжатларини М.Валитов ва Э.Вафинлар Капиталбанк Тошкент шаҳар филиали кредит бўлимига топширишган. Шундан сўнг, А.Махамадалиев бошчилигида банк кредит бўлими етакчи мутахассиси бўлиб ишлаб келаётган А.Маматраимовга М.Валитов унинг қариндоши эканини ва кредит маблағларни ажратишга кредит қўмитаси рухсат берганини маълум қилиб, кредит шартномаси ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, тайёрлатиб, банк ва ЯТТ “Valitov Muhammad Baxtiyarovich” ўртасида 2020 йил 29 сентябрдаги МК-27-сонли 200 минг. АҚШ доллари ажратиш ҳақидаги кредит шартномаси тузилишига эришган. Банк томонидан берилган шу миқдордаги пул маблағларини фуқаро Э.Вафиннинг банкдаги очилган омонат ҳисоб рақамига ўтказишган ва ўзлаштиришган.

Бундан ташқари, А.Махамадалиев такроран, жиноий шериклари М.Валитов, Э.Вафин ва Р.Азизовлар билан бирга банк кредит маблағларини ўзлаштириш режасини давом эттириш мақсад қилган. Бунинг учун яна худди шу сценарий асосида ҳаракат қилишади. Бу сафар ҳам улар 200 минг. АҚШ доллар миқдоридаги кредит ажратилишига эришишган ва ушбу маблағларни ноқонуний ўзлаштиришган. 

Шу билан бирга, А.Махамадалиев кредит маблағлари ўзлаштирилганлигини яшириш мақсадида, кейинчалик банкнинг кредит департаменти томонидан кредит маблағларнинг мониторинги учун 2021 йил 29 июлдаги юқоридаги махсус техника воситалари божхона расмийлаштирувида эканлиги ҳақида сохта маълумотлари киритилган EDL391885-сонли ҳамда EDL391890-сонли божхона юк декларацияларини тузиб қалбакилаштириб, банкка тақдим этган.

Судда судланувчи А.Махамадалиев ўз айбига қисман иқрор бўлиб, иккита кредит бўйича барча кредит маблағларини қарзларини ёпиш ва ўз эҳтиёжлари учун тўлиқ сарфлаб юборганини, унинг ушбу мақсадидан М.Валитов, Э.Вафин, Р.Азизов ва банк ходимларининг хабари бўлмаганлигини, уларнинг ҳеч бирини унга шериклик ва алоқадорлик жойи йўқлигини, у мазкур пулларни зарурият юзасидан қилганини, қарзларини ёпиш ва оиласига бошпана олиш учун кредит маблағларини “келажакда бир амаллаб ёпарман” деб ўйлаганини маълум қилган.

2022 йил май ойининг 16 куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан:

  • А.Махамадалиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
  • Азизов Ренат Валерьевичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
  • Вафин Эмил Амировичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
  • Валитов Мухаммад Бахтияровичга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 (беш) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Теги kredit Kapitalbank