Асосий/Сўнгги янгиликлар/Ўзбекистонда тўлов ташкилотларининг 4 мингдан ортиқ инфокиосклари ўрнатилган

Ўзбекистонда тўлов ташкилотларининг 4 мингдан ортиқ инфокиосклари ўрнатилган

Ўзбекистонда тўлов ташкилотларининг 4 мингдан ортиқ инфокиосклари ўрнатилган

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-май ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Фото: Исмоил Каримов / Bankers.uz

Май ойи давомида пластик карталар 615,0 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 28,3 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш ANORBANK (149,5 минг дона), Микрокредитбанк (93,6 мингта), "Ипак Йўли" банки (54,8 мингта), Равнақ-банк (40,7 мингта) ҳамда Халқ банки (33,6 мингта) да кузатилган.

Шу билан бирга, Ўзсаноатқурилишбанк (-8,3 минг дона) томонидан чиқарилган карталар сонида камайиш кузатилган. Пойтахтбанк 6 ойлик танаффусдан сўнг 2022 йил апрель ойида карта эмиссия қилишни тиклаган бўлса-да, ўтган май ойида Пойтахтбанк билан бирга Туркистонбанк томонидан чиқарилган карталар сонида ўзгариш бўлмаган. Bank Apelsin эса карта эмиссия қилишни ҳали йўлга қўйгани йўқ.

Терминаллар сонида ҳам кўпайиш қайд этилган — 932 дона. Энг кўп ўзгариш (кўпайиш) Универсалбанк (356 та), Алоқабанк (176 та) ва Инфинбанк (107 та) да кузатилган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш Савдогарбанк (-104 та), Ипотека-банк (-84 та), "Ипак Йўли" банки (-73 та), Агробанк (-60 та) ҳиссаларига тўғри келган. Умуман олганда, жами 11 та тижорат банки томонидан ўрнатилган тўлов терминаллари сонида камайиш кузатилган бўлса, 7 тасида бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда 2022 йил май ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 2 974 та ўсиш қайд этилган. Ўтган ойдаги ҳисоботда Марказий банк ўз тасарруфидаги банкомат ва инфокиосклар сонини умумий статистикада акс эттирган бўлса, май ойида тўлов ташкилотларига тегишли банкомат ва инфокиосклар сони ҳам кўрсатилган.

Регляторга кўра, ҳозирги кунда тўлов ташкилотларига тегишли 4004 дона банкомат ва инфокиосклар мавжуд. Май ойи давомида Халқ банки (54 дона), Агробанк (41 дона) ва яна 6 та банк банкомат ва инфокиоск ўрнатган. Жами 20 та банкка тегишли банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган бўлса, Капиталбанк (-1 131 дона), Hamkorbank (-18 дона), Туронбанк (-8 дона), Ипотека-банк (-5 дона), Савдогарбанк (-2 дона) ва Ўзсаноатқурилишбанк (-1 дона) ларнинг банкомат ва инфокиосклари камайган.

Капиталбанк банк тизимида энг кўп банкомат ва инфокиоскларга эга банк саналади. Апрель ойи статистикасида кўрсатилган жами банкомат ва инфокиоскларнинг 23,4 фоизи ушбу банкка тегишли эди. Май ойидаги камайиш (- 1131 та)дан сўнг, бу кўрсаткич 12,6 фоизни ташкил қилмоқда. Капиталбанк вакилларининг изоҳ беришича, банкка тегишли банкомат ва инфокиоскларнинг бир қисми "Multipay" тўлов ташкилотига сотилган.

Жорий йилнинг январь-май ойлари давомида Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали ўртача ойлик тушум 26,8 млн. сўм атрофида бўлган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-май ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

atm-01-06-22.jpg

 

Теги statistika bankomat plastik karta terminal