Асосий/Сўнгги янгиликлар/25 миллиардлик венчур фонд, "Колвир"га ўтиш ва янги процессинг маркази - "Алоқабанк"да 2021 йил якунлари

25 миллиардлик венчур фонд, "Колвир"га ўтиш ва янги процессинг маркази - "Алоқабанк"да 2021 йил якунлари

25 миллиардлик венчур фонд, "Колвир"га ўтиш ва янги процессинг маркази - "Алоқабанк"да 2021 йил якунлари

Bankers.uz бугундан бошлаб "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилади. Биринчи мақоламиз АТ "Алоқабанк" тўғрисида бўлади.

aloqabank_2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

Акциядорлик тижорат "Алоқабанк" мустақиллик йилларида ихтисослашган соҳага хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил қилинган давлат банкларидан бири.

Алоқабанк 1994 йил 12 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги корхоналари ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган.

Банк республика бўйлаб 14 та филиали ҳамда 74 та банк хизматлари маркази орқали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Алоқабанк шиори: Юксакликка интилганлар учун

Алоқабанк Бошқарув раиси Ирисбекова Каммуна Наринбаевна ҳисобланади. Банк Кузатув кенгашининг амалдаги таркиби билан қуйида танишишингиз мумкин:

Aloqabank-kuzatuv-kengashi

Алоқабанк Кузатув кенгаши аъзолари 

Изоҳ! 28 декабрь куни банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Кузатув кенгашининг янги таркиби сайланади

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Алоқабанк активлари миқдори 10,04 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 6,12 трлн. сўми миллий валютада, 3,92 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 1,67 трлн. сўмни ташкил қилади. Алоқабанк 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида жами 1,24 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 74,2 %и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 99,90 млрд. сўмни ташкил қилади. Соф фойданинг 96,09 млрд. сўми миллий валютада, 3,81 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 170 млрд. сўм бўлганини ҳисобга олсак, 2021 йил якунлари бўйича соф фойда кўрсаткичи ўтган йилган нисбатан камроқ бўлишини прогноз қилиш мумкин.

Банкдаги ўзгаришлар

2021 йилда Алоқабанк топ-менежментида ўзгариш бўлмаган. Банкни 2017 йилдан бери бошқариб келаётган Каммуна Ирисбекова банк тизимидаги Бошқарув раислари орасида энг ёши каттаси саналади.

1605013135_Kammuna Narinbayevna

Каммуна Ирисбекова
Фото: aloqabank.uz

Банк раҳбарияти таркибидаги айрим ходимлар бу йилги мустақиллик байрами муносабати билан тақдирландилар. АТ "Алоқабанк" Бошқарув раиси маслаҳатчиси Жалилов Рахматали Камбарович "Дўстлик" ордени билан, Бошқарув раиси ўринбосари Насретдинова Насиба Иркиновна "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Шунингдек, Алоқабанк тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимлар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Aloqabank-mukofotlanganlar

Алоқабанк 2020 йил охирида Zoomrad мобил иловасини ишлаб чиқди ва 2021 йил давомида ушбу иловасини фаол тарғиб қилиб борди ва иловани қўшимча имкониятлар билан бойитиб борди. Илованинг маркетинг харажатлари сметаси 2021 йил учун 1 млрд. сўм этиб белгиланган. Алоқабанк босқичма-босқич Zoomrad орқали масофадан банк карталарини буюртма қилиш имконияти, тўловлар ва транзакциялардан кеш-бек ажратиш амалиёти ва бошқа қўшимча имкониятларни қўшиб борди. 7 декабрь кунидаги маълумотга кўра, Android фойдаланувчилари орасида Zoomrad иловасини юклаб олганлар сони +100 мингни ташкил қилмоқда.

Алоқабанкда амалга оширилган ўзгаришлардан яна бири банк янги автоматлаштирилган банк тизимига ўтгани бўлди. Банк ҳозирда беларус дастурчиларининг маҳсулоти — “Colvir Banking System” тизимида фаолиятини давом эттирмоқда. “Бу тизим банкнинг барча ҳудудий бўлинмаларини ягона МФОга ўтказиш, бизнес-жараёнларни автоматлаштириш, Базел III талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган янги ташкилий ва функционал тузилмани жорий этиш имкониятларини тақдим этади. Банкнинг барча ҳудудий бўлинмаларининг ягона МФОга ўтиши, банк ҳисобварағи очилиш жойидан қатъи назар, мижозга банкнинг исталган бўлинмаларида банк хизматларининг тўлиқ спектридан фойдаланиш имконини беради”,  - дейилади банкнинг ушбу янгилик ҳақидаги хабарида.

Октябрь ойида Алоқабанк устав капитали 25 млрд. сўм бўлган “Aloqa Ventures” венчур жамғармасини ташкил қилди. Жамғарманинг асосий вазифаси ахборот технологиялари (ИТ) соҳасидаги ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Венчур жамғарма устав капитали 2022 йилга келиб, 80 млрд. сўмга етказилади. Алоқабанкнинг ушбу венчур жамғармаси UzCard Ventures жамғармасидан кейинги давлат томонидан яратилган иккинчи венчур жамғарма бўлди.

18 ноябрда банк маҳаллий ва халқаро пластик карточкаларни эмиссия қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича янги тўлиқ функцияли процессинг марказини ишга туширди. Шу сабабли Алоқабанк 1 декабрдан бошлаб янги турдаги VISA карталарни эмиссия қилишни бошлади.

Банк сайти - aloqabank.uz'да ҳам йилнинг иккинчи ярмида функционаллик ва дизайн жиҳатидан бир оз ўзгаришлар юз берди. У аввалги сайтдан кўра фойдаланувчи учун қулайроқ кўринишга келтирилди.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 71 230 77 77 бўлиб, ҳозирчалик қисқа рақам жорий қилинмаган.

2021 йил 23 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан эълон қилинган ахборот хизмати раҳбарлари фаолияти самарадорлиги рейтинги "Алоқабанк" АТ матбуот котиби (З.Юнусова) фаолияти 57,3 балл билан "қониқарли" дея баҳоланган.


Мирзаолим Дилшодов

Теги 2021 Aloqabank yil yakunlari