Асосий/Сўнгги янгиликлар/Агробанк фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчи ходимлари ўқув курсини ташкил қилди

Агробанк фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчи ходимлари ўқув курсини ташкил қилди

Агробанк фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчи ходимлари ўқув курсини ташкил қилди

Agrobank-fermerlar kursi

Фото: Агробанк матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, "Агробанк" АТБ ташаббуси билан Фермерлар мактаби ташкил этилиб, 5 та ҳудудда Тошкент, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон республикаларининг 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар ҳозирда чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, узумчилик, иссиқхона хўжалиги, бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича таҳсил олмоқда.

Агробанк ушбу йўналишдаги ишларини давом эттириб, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчи ходимлари учун интенсив ўқув курси ташкил қилди.

Мазкур ўқув курси республика бўйлаб 80 мингга яқин фермер хўжаликларини қамраб олишни режалаштирган бўлиб, фермерлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янгиликлар, замонавий техника ва технологиялар, ердан унумли фойдаланиш, инновацион ечимлар, амалиётда учрайдиган муаммоларни бартараф этишда маҳаллий ва хорижий ёндашувлар бўйича дастлабки билим ва кўникмаларга эга бўлади. 

Agrobank-fermerlar kursi2

Фото: Агробанк матбуот хизмати

Курс давомида қуйидаги мавзулар ўқитиб борилади:

  • сувдан самарали фойдаланиш технологиялари;
  • зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш усуллари;
  • чорвачилик ва паррандачилик йўналишида инновацион интенсив технологиялар;
  • деҳқончиликда ҳосилдорликни оширишнинг замонавий усуллари;
  • фермер хўжалиги менежменти;
  • тупроқ унумдорлиги, муаммолари ва унинг сифатини яхшилаш чора-тадбирлари;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини териш, сақлаш, ишлов бериш ва сотиш;
  • қишлоқ хўжалиги маркетингги.

Банк матбуот хизматининг хабар беришича, лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университет, соҳадаги олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтлари, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича миллий лойиҳаси, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ташкилотлар ҳамкорлик қилмоқда.

Мазкур ўқув курси кўлами бўйича мамлакатдаги энг йирик лойиҳа бўлиб, бир вақтнинг ўзида республиканинг 13 та ҳудудидаги Агробанк вилоят бошқармалари биноларидаги замонавий жихозланган ўқув хоналарида бўлиб ўтади. Унга 100 дан ортиқ юқори малакали тренерлар жалб этилган. Ўқув курсини юқори даражада ва сифатли ташкил этиш мақсадида ҳар бир ҳудуд бўйича менежерлар танлаб олинган ҳолда 2021 йилнинг ноябрь ойидан 2022 йилнинг якунига қадар ташкил этилади. Ҳар бир курс давомида фермер ва дехқонларнинг малакасини оширишга эришилади. 

Ўқув курсига қатнашиш истагида бўлган фермер хўжаликлари рахбар ва ишчилари учун телеграм бот (@fermerlarkursi_bot) орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилган. Қўшимча маълумот учун қўйидаги рақамларга қўнғироқ қилиш мумкин:

  • 95 500 80 01;
  • 95 500 80 10;
  • 95 194 80 01.

 

Теги Agrobank