Россиянинг Қозоғистондаги учта банки шўъбаларининг 21,6 млн доллар маблағлари музлатилди

Санкциялар туфайли Россия шўба банкларининг Қозоғистондаги вакиллик ҳисоб рақамларидаги 9,2 млрд тенге (21,6 млн доллар) миқдоридаги маблағлар музлатиб қўйилди. Шунингдек, ушбу банкларнинг индивидуал мижозларининг маблағлари ва хорижий валютадаги операциялар ҳам блокланди.

97fqon16161298884574_l.jpg

Фото: inbusiness.kz

Россия банкларининг Қозоғистондаги учта шўба банкларининг вакиллик ҳисобларидаги жами 9,2 млрд тенге (21,6 млн доллар) санкциялар туфайли музлатиб қўйилди. Бу ҳақда Қозғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раҳбари Мадина Абилқосимованинг депутатлик сўровига берган жавобида маълум қилди.

Санкция туфайли Қозоғистондаги Сбербанк шўба банкининг хорижий валютада ҳисобларидаги 2,7 миллиард тенге, Алфа-Банкнинг (ҳозир ECO BANK) — 6,2 миллиард тенге, ВТБ Банк (Қозоғистон)  — 0,3 миллиард тенге маблағлари музлатилган.

Бундан ташқари, Мадина Абилқосимова хорижий компаниялар Сбербанк айрим мижозларининг 2,9 млрд тенге (6,8 млн доллардан ортиқ), Алфа Банкнинг — 3,9 млрд тенге (9 млн доллардан ортиқ) миқдорида хорижий валютадаги ўтказмалар ва тўловларни блокланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳисоблар ва мижозлар маблағларини блокдан чиқариш учун АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасидан умумий лицензия олиш зарур. Қозоғистондаги Алфа-Банкнинг янги эгаси - ЦентрКредит Банк аллақачон лицензия олиш ҳақида хат юборгани айтилди.

Сбербанк, Алфа-Банк ва ВТБнинг Қозоғистондаги шўба корхоналари Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари туфайли АҚШ санкциялари остида қолди. 

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қозоғистон банклари россияликлар учун VISA ва Mastercard карталарини чиқаришдаги рисклар ҳақида огоҳлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

×