OSON финтех-холдинги халқаро ривожланиш стратегияси доирасида Америка Қўшма Штатларини навбатдаги йирик бозор сифатида белгилади. Холдинг томонидан 2024 йил декабрда АҚШдаги компаниянинг сотиб олиниши глобал экспансиянинг амалий босқичига ўтишга ўзига хос замин яратди.
АҚШ бозорига чиқиш бошланди: ҳуқуқий тайёргарлик ва стратегик мақсадлар
Ҳозирда компания FinCENда Money Services Business (MSB) сифатида рўйхатдан ўтиш, шунингдек, штатлардан Money Transmitter лицензияларини олиш бўйича зарур юридик ва операцион тайёргарликни амалга оширмоқда. FinCEN — АҚШнинг молиявий хавфсизликка масъул федерал органи бўлиб, мамлакатда пул ўтказмалари ва электрон молиявий хизматлар билан шуғулланаётган барча компаниялар айнан шу идорада рўйхатдан ўтиши шарт. MSB мақоми компанияга АҚШ ҳудудида қонуний равишда электрон маблағлар билан ишлаш имконини беради. Шунингдек, АҚШда ҳар бир штатнинг ўз қоидаси ва талаблари мавжуд бўлгани учун, OSON улардан Money Transmitter лицензияларини олиши керак — бу эса Штатлар ичида пул ўтказмалари хизматини расман амалга ошириш ҳуқуқини беради. Ушбу жараёнлар мураккаб ва серқатнов бўлса-да, уларнинг амалга оширилиши OSON’га АҚШда электрон пул, ўтказмалар ва финтех хизматларини тўлиқ қонуний асосда таклиф қилиш имкониятини яратади.
OSON вакиллари C5+1 платформаси доирасида америкалик ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказиб, сервисни АҚШда ишга туширишнинг амалий босқичларини муҳокама қилдилар. C5+1 — Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик майдони бўлиб, у иқтисодий ривожланишдан тортиб, рақамли технологияларгача бўлган соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашни кўзлайди. Музокаралар чоғида компанияни АҚШ қонунчилигига тўлиқ мослаштириш, AML/KYC каби хавфсизлик стандартларини жорий этиш, маҳаллий тўлов инфратузилмаларига уланиш ва сервисни техник жиҳатдан ишга тайёрлаш мавзулари кўриб чиқилди. OSON учун АҚШга чиқиш — нафақат янги бозорга кириш, балки Марказий Осиё, MENA ва Шимолий Америка ўртасида ягона тўлов экотизимини барпо этиш йўлидаги стратегик қадам бўлиб, бу компаниянинг халқаро мавқеини янада мустаҳкамлайди.
2026 йилда ишга тушириладиган OSON Wallet: АҚШ учун янгича молиявий ечим
OSON ҳозирда АҚШ бозори учун махсус ишлаб чиқилаётган мультивалютали OSON Wallet хизматини жорий этишга тайёрланмоқда. Сервисни 2026 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.
Янги ҳамён америкалик фойдаланувчилар ва Марказий Осиёдан бўлган экспатлар учун АҚШдан минтақаларга ва аксинча маблағ юборишни сезиларли даражада енгиллаштиради. Бу орқали оила аъзоларига пул юбориш, кросс-чегара онлайн тўловларини амалга ошириш ва халқаро ҳисоб-китобларни соддалаштириш имкони пайдо бўлади.
OSON Wallet АҚШда ишга тушиши билан компания фаолият юритаётган мамлакатлар ўртасида ягона рақамли молиявий майдон вужудга келади. Бу нафақат фойдаланувчилар учун қулайлик, балки OSONнинг глобал финтех ўйинчи сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Халқаро экспансияни қўллаб-қувватлаш: инвестициялар ва OSON экотизимининг кенгайиши
OSON АҚШга чиқиш жараёнини молиявий ва технологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида стратегик инвесторлар билан музокаралар олиб бормоқда. Жалб қилинган капитал компанияга янги бозорларга киришни тезлаштириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва маҳсулотларни масштаблаштиришда хизмат қилади.
Бугунги кунда OSON Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва БААда фаолият юритиб, электрон пул, онлайн тўловлар, халқаро ўтказмалар, eSIM ва крипто хизматларни ўз ичига олган экотизимни ривожлантирмоқда.
Компаниянинг АҚШ бозорига қадам қўйиши нафақат ўз бизнес модели учун, балки Марказий Осиёнинг финтех салоҳиятини жаҳон майдонида намоён этиш учун ҳам муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Bankers.uz OSON қандай қилиб минтақавий финтех экотизимига айланаётгани ҳақида махсус материал эълон қилган эди.
