Марказий банк 18 та банкка 1,8 млрд сўмдан ортиқ жарима солди

10.11.2025 13:26

739

Марказий банк жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида банкларнинг веб-сайтларида ахборотларнинг ошкор этилиши ҳолати юзасидан текширув ўтказди. Текширув натижаларига кўра 18 та банкка (ҳар бирига 102 млн сўмдан) жами 1 млрд 836 млн сўм жарима солинди.

Фото: Bankers.uz / AI

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланганини текшириш мақсадида, жорий йил сентябрь–октябрь ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтларини мониторингдан ўтказди.

Қайд этилишича, мониторинг натижасида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига риоя этилмасдан айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда айрим банкларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.

Хусусан, бу каби ҳолат Агробанк, Анор банк, Ҳаёт банк, Универсал банк, Гарант банк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Мадад Инвест банк, Содерот банк, Ориент Финанс банк, Ипотека-банк, Тенге банк, Зираат банк Узбекистан, АВО банк ва Опен банк каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаганлиги кузатилди.

Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ 102 млн. сўмдан жарима чораси қўлланилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилди.

Хабар сўнггида Марказий банк барча тижорат банкларидан ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида"ги Қонун талабларига сўзсиз риоя этилиши, расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги таъминланиши ҳамда сайтларда жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши лозимлигини қатъий равишда талаб қилган.

Теглар:

#жарима

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган