Октябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 4,34 млрд долларга ошиб, яна бир бор тарихий рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
1 ноябрь ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати 59,33 млрд долларни ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 7,8 фоизга ўсди. Бу олтин-валюта захиралари статистикаси очиқланаётган даврдан бери энг катта кўрсаткичдир.
Манба: Марказий банк
Шундай қилиб, олтин-валюта захиралари кетма-кет учинчи ой мутлақ рекордни янгилади — августда уларнинг ҳажми биринчи марта 50 млрд доллардан ошган эди, сентябрь ойида эса қарийб 55 млрд долларга етди.
“Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил октябрь ойида 4,3 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 3806,55 доллардан 4013,20 долларгача ошишининг таъсири +2,5 млрд долларни ташкил этди”, дея изоҳ берди Марказий банк.
Захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 300 минг унцияга ошиб, 11,9 млн трой унцияни, қиймати эса 47,85 млрд долларни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг валюта захиралари ҳам сезиларли даражада — 731,4 млн долларга ошди ва 10,91 млрд доллардан зиёдни ташкил этди. Бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларидаги валюта захиралари миқдори 966,8 млн доллар, хорижий банкларда эса 8,92 млрд долларга тенг бўлган.
Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати 3,6 млн долларга ошиб, 1,023 млрд долларга етди. Мамлакат олтин-валюта захираларида акция ва облигацияларнинг улуши 1,72 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон сентябрь ойида дунёдаги ягона олтин сотган мамлакат бўлди — Марказий банк 4 тонна қимматбаҳо металл сотган. Йиллик ҳисобда бу 21 тоннани ташкил этиб, дунёдаги энг катта кўрсаткич бўлган, мамлакат Сингапур ва Россияни ортда қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банкларнинг қимматбаҳо металлар операциясига оид низом тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу низом билан жисмоний ва юридик шахсларга олтин қуймаларни, шунингдек, рақамли олтин ва кумушни банкларнинг мобил иловалари орқали сотиб олиш ва сотиш имкони берилади.
