Ўзбекистон олтин-валюта захиралари илк бор 50 млрд доллардан ошди

08.09.2025 16:37

396

Август ойи давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1,3 млрд долларга (+2,75 фоиз) кўпайиб, унинг жами ҳажми қарийб 50,1 млрд долларга етди. Бу - захиралар очиқланаётган 2013 йилдан бери рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Олтин-валюта захиралари ҳажми ортишига асосий сабаб олтиннинг нархи ошиши бўлиб келмоқда.

Фото: Shutterstock

Марказий банк томонидан Ўзбекистон олтин валюта захираларининг 1 сентябрь ҳолатига ҳисоботи эълон қилинди. Унга кўра, август ойи давомида мамлакат захиралари ҳажми ўтган ойга нисбатан 1 млрд 343,9 млн долларга (+2,75 фоиз) ошиб, 50 млрд 87,3 млн долларга етди ва навбатдаги рекорд кўрсаткични қайд этди.

Захиралар таркибидаги асосий улуш олтинга тегишли бўлиб, унинг қиймати 40 млрд 65,9 млн долларни ташкил қилмоқда. Олтиннинг соф ҳажми йил бошидан буён 500 минг трой унцияга камайганига қарамай, қиймати 8 млрд доллардан кўпроққа ошди.

Манба: Марказий банк

Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил август ойида 1,3 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 3306,80 доллардан 3407,50 долларгача ошишининг таъсири +1,2 млр долларни ташкил этди, дея изоҳ берди МБ.

Ушбу давр ичида хорижий валютадаги захира активлар ҳажми 49б2 млн долларга камайди. Жумладан, қимматли қоғозлар 4,2 млн долларга, нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори 53,5 млн долларга пасайди. 

Хорижий валютадаги бошқа активлар: расмий захира активларга киритилмаган депозитлар ва расмий захира активларга киритилмаган олтин 10 млн долларга камайиб, 70,7 млн долларни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, июлда Ўзбекистон захиралари ҳажми 48,74 млрд долларга етган эди.

Теглар:

#олтин-валюта#захира

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган