logo-1
Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
Асосий/Сўнгги янгиликлар/«Агробанк» Фермерлар мактабининг афзалликлари хақида сўзлаб берди

«Агробанк» Фермерлар мактабининг афзалликлари хақида сўзлаб берди

«Агробанк» Фермерлар мактабининг афзалликлари хақида сўзлаб берди

Agrobank

 

Сўнгги йилларда тижорат банклари орасида рақобат анча кучайди. Банклар мижозга йўналтирилган бизнес шаклига ўтиб боришмоқда. Масалан, Агробанк АТБ ўзининг потенциал мижозларини қишлоқлардан изламоқда ва уларнинг саводли бўлиб, аграр бизнес билан шуғулланишига шароит яратиб беряпти.

Банкнинг ҳам бизнес, ҳам ижтимоий мақсадларини уйғунлаштирган "Фермерлар мактаби" лойиҳаси қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшлар учун мўлжалланган. Агробанк томонидан "Фермерлар мактаби" 5 та ҳудуд — Андижон, Тошкент, Самарқанд, Термиз ҳамда Нукусда Тошкент давлат Аграр университети ҳамда унинг Нукус, Самарқанд ва Термиз филиаллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ўқув корпусларида ташкил этилган. Ўтган ҳафта бир гуруҳ ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар, жумладан Bankers.uz вакили иштирокида Самарқанддаги "Фермерлар мактаби" га пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда банк вакиллари ушбу лойиҳа тўғрисида сўзлаб беришди.

Agrobank-2

Лойиҳанинг ижтимоий жиҳати мактаб ўқувчиларини (18-35 ёш ўртасида) чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, иссиқхона хўжалиги ҳамда бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишлари бўйича 2 ой давомида бепул ўқитиш, уларни ётоқхона, 3 маҳал овқат билан таъминлашни ўз ичига олади. Шунингдек, Агробанк томонидан қишлоқ хўжалигига оид “100 китоб тўплами” тақдим этилган ва электрон вариантда бепул тарқатилмоқда.

Лойиҳанинг бизнес жиҳати эса банк потенциал мижозларга эга бўлишидир. Агробанк Бошқарув раиси ўринбосари Эркин Кахоровнинг сўзларига кўра, "Фермерлар мактаби" ни тамомлаган тингловчиларга 3 хил диплом берилади: олтин, кумуш, бронза. Битирувчининг олган диплом турига қараб, банк томонидан турли миқдордаги ва шартлардаги кредитлар берилади.

Дарслар соҳа билимдонлари томонидан ўтилади. Пресс-турда биз борган Самарқанддаги мактабда ўқитувчи тингловчиларига батат — "шириш картошка" ҳақида дарс ўтаётган экан. Ўқитувчи бу маҳсулотнинг фойдалилиги, ўзи уни Кореядаги магистратураси давомида севиб истеъмол қилганини гапириб берди. Шунингдек, тойлоқлик бу ўқитувчи ўз устози билан биргаликда бататнинг иккита янги нави "Тойлоқ", "Сочакинур" навлари учун олган сертификатларини кўрсатди. Учинчи янги нав "Филиал" нинг сертификати йил охиригача олинар экан.

Agrobank-ustoz

Ўқиш муддати икки ой бўлиб, беш ҳафта назарий таълим, икки ҳафта амалиёт, бир ҳафта бизнес режа тайёрлаш ва уни ҳимоя қилишни назарда тутади.

Амалий дарслар тажриба участкалари ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтилади.

Агробанк бир йилда 1000 нафар ўқувчи ўқитишни режалаштирмоқда. Ўқишнинг биринчи босқичи 1 июндан бошланган бўлиб, республика бўйлаб 150 нафар тингловчи унга жалб қилинган. Ҳозирда иккинчи босқич учун қабул давом этмоқда, у 15 июль куни тугайди. Ўқишга қабул қилиш жараёни сайт ва Telegram-bot орқали амалга оширилди.

 

Теги Agrobank fermerlar maktabi
logo-1
        Банклар, банк ходимлари ва банкирлар ҳақида
address-black
Ўзбекистон, 100069, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 21-Б уй